Қашқадарёдаги ҳокимлар тиббий кўрикдан ўтиш учун Тошкентга жўнаб кетди

Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев ўринбосарлари ва 15 нафар ҳудуд ҳокими тиббий кўрикдан ўтиш ҳамда даволаниш мақсадида Тошкент шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумотларга кўра, вилоят раҳбари Зоир Мирзаев 17 январь, якшанба куни масъулларни Тошкент шаҳрига кузатган ва уларнинг саломатлиги жамиятга ҳамда оила аъзоларига кераклигини таъкидлаган.

«Тарихда биринчи бор даволаниш учун кетяпсизлар. Демак, дам олишга боряпманми ёки даволанишга деган фикр ҳаммада бўлиши керак. Сизнинг саломатлигингиз жамиятга ҳам, оила аъзоларингизга ҳам керак. Эртадан ўрнингизни вақтинча ёшлар эгаллайди. Президентимиз таъкидлаганларидек, халқчил бўлишнинг бирдан бир усули — халқнинг дард-у ташвишлари ичида бўлишдир. Ёш раҳбарлар билан битта бўлса-да, халқ дардига ечим топсак ҳам, бу катта ютуқдир», — дейди Зоир Мирзаев.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот берилишича, вилоят ҳокими ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари 10 кун давомида Тошкентда тиббий кўрик натижаларига кўра даволаниб, сўнгра ўз фаолиятини бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, 7 январь куни Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги туман ва шаҳар ҳокимлари, шунингдек, вилоят ҳокимининг барча ўринбосарлари бирламчи тиббий кўрикдан ўтганди. Тиббий кўрик вилоят кўп тармоқли тиббиёт поликлиникасида амалга оширилган.

Маълумот учун, 9 январь куни Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов соғлиғини тиклаш мақсадида қисқа муддатли таътилга чиққанди. 17 январь куни Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳам тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун қисқа муддатли таътилга чиқди.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 4 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанди. Давлат раҳбарининг таътили Ўзбекистон ҳудудида ўтказилиши режалаштирилгани хабар қилинган.

Янгиликлар