Самарқандда фуқародан 4 миллион сўм талаб қилган экология ходими қўлга олинди
15 февраль куни Самарқанд вилоятида Пастдарғом тумани экология ходими А.Х. фуқародан 4 миллион сўм миқдоридаги пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Таъкидланишича, вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Пастдарғом туманида тезкор тадбир ўтказилди. Тезкор тадбирда ўзини туман Экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи деб таништирган Пастдарғом тумани экология ходими А.Х. ариза муаллифидан 4 миллион сўм миқдоридаги пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ, ўзини «Кадастр» ходими деб таништириб фуқаролардан фирибгарлик билан пул ундираётган шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга доир: Aвтомашинани жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ ходимига пора таклиф қилган шахсга нисбатан чора кўрилди