Хайрулло Бозоров лойиҳа қиймати 27 млрд сўм бўлган сув иншоотини бориб кўрди

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Поп тумани «Иттифоқ» МФЙдаги «Қирчин» ичимлик сув иншооти қурилиши жараёнини бориб кўрди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Маълум қилинишича, Ғурумсарой, Водий, Янгиобод, Янгиер, Марғизор қишлоқларида истиқомат қилувчи аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 3 гектар майдондаги мазкур қурилиш лойиҳаси 27 миллиард сўмни ташкил этади. Айни пайтда 13 миллиард сўм ўзлаштирилиб, ҳовузлар, ер ости қудуғи, насос станциясида бунёдкорлик ишлари қарийб эллик фоизга бажарилган.

«Водий индустриал» МЧЖ раҳбари ўринбосари Ҳошимжон Қўчқоровнинг билдиришича, қурилиш-монтаж ишларида корхонанинг 60 нафар ишчи-ходими ишламоқда.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Лойиҳага кўра 42,5 километр масофада ички тармоқни тортиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 16 километр ишлар уддаланган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, 8214 та хонадонда яшовчи 27 000 нафар аҳоли сув билан таъминланади.

Вилоят раҳбари бошланган ишларнинг ўз вақтида сифатли, пухта ва мукаммал ижроси юзасидан масъулларга кўрсатмалар берди.

Aввалроқ Хайрулло Бозоров Янгиқўрғоннинг мева-сабзавотчилик экспорти кўрсаткичи ачинарли аҳволда экани ҳақида гапирганди. Шунингдек, Янгиариқда ишчи гуруҳ томонидан 200 гектардан ортиқ самарасиз ва ноқонуний боғ аниқланган.

Янгиликлар