Ўзбекистон туманида «темир дафтар»даги 19 та оиланинг 16 ёшга тўлмаган болаларига жами 14 млн сўм ёрдам пули берилди (фото)
Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани «Жонобод» маҳалласида «темир дафтар»га киритилган 19 та оиланинг 16 ёшга тўлмаган 28 нафар фарзандига жами 14 миллион сўм ёрдам пули берилди. Бу ҳақда туман ҳокимлик матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.
Маълум қилинишича, «Жонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган «темир дафтар»га киритилган 19 та оиланинг 16 ёшга тўлмаган болалари учун 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам тарқатилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон туманида Шавкат Мирзиёевнинг 26 августдаги «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида «темир дафтар» киритилган оилалар фарзандларига 500 минг сўмдан бир марталик ёрдам пуллари берилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда сентябрда аҳолининг қайси қатламларига бир марталик моддий ёрдам пули тўланиши маълум қилинганди. Шунингдек, Қўштепада, Ўзбекистон туманида ва Марғилондаги 22 та маҳаллада 16 ёшга тўлмаган болалар учун бир марталик ёрдам пуллари тарқатилгани ҳақида хабар қилинган.