Ўзбекистонда «E-Fuqaro» идоралараро маълумотлар базаси жорий этилади
Вазирлар Маҳкамаси 16 cентябрь куни «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда замонавий ахборот-коммуникасия технологияларини татбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.
Қарорга мувофиқ, «E-Fuqaro» идоралараро маълумотлар базаси жорий этилади ва бу орқали:
- фуқаролик масалалари бўйича аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш автоматлаштирилади;
- мазкур аризалар идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан манфаатдор вазирлик ва идоралар ўртасида кўриб чиқилади;
- фуқароликка қабул қилиш, уни тиклаш, ундан чиқиш ва уни йўқотиш бўйича ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.
Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги «E-Fuqaro» ИМБнинг ягона буюртмачиси ва сақловчиси ҳисобланади.
Маълум бўлишича, 2021 йил 1 январга қадар:
- республика ҳудудида фуқаролик масалалари бўйича мурожаатлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;
- хорижда доимий истиқомат қилаётган шахслар томонидан эса Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида жойлаштирилган интерактив консуллик хизмати орқали дастлабки ариза юбориш механизми жорий этилади.
Таъкидланишича, унда ариза юборувчи кейинчалик шахсан келиб мурожаат қилиши лозим бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси ташкил этилгани ҳамда Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун ўзбек тилини билиш шарт этиб белгилангани ҳақида хабар берилганди.