Ўзбекистонда Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси ташкил этилди
Ўзбекистон Президентининг «Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ва аҳолини юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.
Унга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати таркибида Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси ташкил этилди. Бошқарма бошлиғи айни пайтда вазир ўринбосари ҳам ҳисобланади.
Қишлоқ ҳўжалиги вазирлигига озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича қўшимча вазифалар юкланди. «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси тугатилади.
Қишлоқ хўжалигини ва озиқ-овқат таъминотини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат саноатини ривожлантириш учун қуйидагилар тақдим этилади:
- Ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги истиқболли лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш харажатларининг 50 фоизини қоплаш;
- Ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги истиқболли лойиҳаларнинг инфратузилма билан таъминлаш харажатларининг 50 фоизини қоплаш;
- Ҳар бир лойиҳа учун 50 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва чуқур қайта ишлаш соҳасига хорижлик экспертларни жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш.
2021/2023 йиллар учун қишлоқ саноат хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш дастури ишлаб чиқилади.
Кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ОТМларда «Озиқ-овқат технологияси» (маҳсулот турлари бўйича) ва «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва бирламчи қайта ишлаш технологияси (маҳсулот турлари бўйича)» таълим йўналишлари бўйича бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи бўлимларига давлат буюртмаси параметрлари босқичма-босқич ошириб борилади.
Аввалроқ Давлат кадастри қўмитасининг айрим функцияларии Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилгани, Фарғона саноатида 86 та янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши хабар қилинган эди.