Бағдодда 1200 дан ортиқ ўринга эга касб-ҳунар мактаби очилди

Фарғона вилояти Бағдод туманида 1260 ўринли 1-сон касб-ҳунар мактаби фаолият бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бағдод туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 16 октябрь куни Бағдод туманида 1260 ўринли 1-сон касб-ҳунар мактаби ўз фаолиятини бошлаган. Мазкур даргоҳ 2020—2021 ўқув йили учун 240 нафар 9-синф битирувчиларини қабул қилган. Мактабда ўқувчилар икки йил давомида умумий ўрта таълим йўналишлари билан бир қаторда, тикувчилик, электромонтёрлик, тракторчи-машинист, автомобиллар электр жиҳозларини таъмирлаш чилангари каби касб-ҳунар сирларини ўрганади.

Фото: Бағдод туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таълим даргоҳининг очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими Алибек Турсунов мазкур масканда яратилган шароитлар билан танишиб, ўқувчи ва устозлар билан суҳбатлашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Данғарада салкам 300 ўқувчига, Фурқатда эса 1200 ўқувчига таълим берадиган касб-ҳунар мактаби очилгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистон туманида очилган касб-ҳунар мактаби 220 нафар битирувчини қабул қилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар