Мирзаободда сўнгги 9 ойда 70 га яқин оила яраштирилди
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида сўнгги 9 ойда 70 га яқин оила яраштирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Таъкидланишича, туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2020 йил 19 августдаги суд буйруғига асосан қарздор Д.Х.дан ундирувчи Д.Х. фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ва ҳар ойда қатъий суммада 250 минг сўмдан моддий ёрдам пуллари ундириш керак бўлган.
Аммо МИБ томонидан мазкур оила ярашувига эришилган.
Маълумот учун, туман бўлими томонидан фуқаролик ишлари судларнинг айнан алимент билан боғлиқ ижро ишлари ижросини таъминлаш, вояга етмаган фарзандлар моддий таъминоти учун белгиланган алимент маблағларини ундиришга эътибор қаратилган. Ҳар бир ижрочи томонидан шу йўналишдаги ижро ҳужжатлари ижроси доирасида тушунтиришлар олиб борилмоқда.
«Биз алимент ундиришни шундай савобли ишга алмаштираётганимиздан хурсандмиз. Асосийси, Бюронинг туман бўлими томонидан алимент маблағларини ундириш ва оилаларни яраштириш доимо эътиборда», — дейди МИБ Мирзаобод туман бўлими бошлиғи Шуҳрат Жумабоев.
Бундан аввал Ургутда ажрашган ва ажрашиш ёқасида бўлган 120 дан зиёд ва Когонда бир кунда ажрим ёқасидаги бешта оила яраштирилгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Самарқандда сўнгги 12 кунда 4300 дан ортиқ оила муаммолари ўрганилгани ҳамда Олотда ажрим ёқасига келиб қолган 4 та оила яраштирилгани маълум қилинганди.