Ўзбекистонда биринчи марта фуқаро авиацияси учувчилари тайёрланади

Тошкент давлат Транспорт университети ва Франция Фуқаролик авиацияси миллий мактаби ўртасида меморандум имзоланди. Бу ҳақда Тошкент давлат транспорт университети матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Тошкент давлат транспорт университети матбуот хизмати

Хабарга кўра, 16 октябрь куни Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси шафелигида ТДТУ ва Европа авиация соҳасидаги энг йирик ўқув юрти ҳисобланган Франциянинг Фуқаролик авиацияси миллий мактаби (ENAC) ўртасида мамлакат фуқаро авиацияси учун мутахассисларни тайёрлаш бўйича стратегик ҳамкорлик юзасидан видеомулоқот ташкил этилган. Мулоқот якунида икки таълим муассасаси тўғрисидаги англашув меморандум имзоланган.

Видеомулоқотда Ўзбекистоннинг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев, Тошкент давлат транспорт университети ва авиация миллий мактаби раҳбарияти ва бошқа масъуллар иштирок этган.

Фото: Тошкент давлат транспорт университети матбуот хизмати

Меморандум доирасида томонлар Франция олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқот лойиҳаларни жорий қилишда мазкур авиация мактаби воситасида миллий фуқаро авиацияси учун учувчиларни тайёрлаш юзасидан бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича:

  • қўшма дастурлар тузиш ва ўқув базасини яратиш;
  • халқаро тажрибасини ўртоқлашиш ва инновациялар трансферини қўллаб-қувватлаш;
  • Тошкент давлат транспорт университети профессор-ўқитувчиларининг стажировкаларини ташкил этиш;
  • таълимни рақамлаштириш ва бошқа бир қатор йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинган.

Фото: Тошкент давлат транспорт университети матбуот хизмати

Таъкидланишича, қарорда белгиланган вазифаларни самарали ижро этиш мақсадида имзоланган меморандум ENAC ўқув дастурларини ТДТУ авиация мутахассислари тайёрлаш жараёнига жорий қилиш, шунингдек, Марказий Осиёда илк учувчиларни тайёрлаш миллий мактабини яратиш, фуқаро авиация мутахассислари ва илмий тадқиқотчиларининг келгусида лойиҳалар таҳлилини шакллантиришга кўмаклашади.

Aввалроқ Бухорода Ҳиндистоннинг Манипал университети филиали очилиши ҳамда Нью-Йорк шаҳрида ўзбек мактаби очилгани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар