Дунёда COVID-19’га қарши қанча эмлаш амалга оширилгани маълум бўлди

Аҳолини COVID-19’га қарши эмлаш кампанияси дунёнинг 51 мамлакатида бошланиб, ҳозирда 42 миллиондан ортиқ эмлаш амалга оширилган, деб хабар берди «Bloomberg».

Фото: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти

«Тарихдаги энг йирик эмлаш кампанияси бошланди. Тўпланган маълумотларга кўра, аллақачон 51 мамлакатда 42,2 миллиондан ортиқ дозалар қўлланилган. Охирги ҳисоб-китобларга кўра, ҳар куни ўртача 2,43 миллион эмлаш ишлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, эмлашларнинг катта қисми Қўшма Штатларда амалга оширилган бўлиб, у ерда 2020 йил 14 декабрда эмлаш кампанияси бошланганидан бери 14,3 миллион доза вакцина қўлланилган. Ўтган ҳафтада Америкада ҳар куни ўртача 898 минг 410 та эмлаш амалга оширилган.

Шунингдек, аҳоли жон бошига энг кўп эмлаш Исроил ҳиссасига тўғри келмоқда. 9 миллион аҳолиси бўлган мамлакатда аллақачон 2,3 миллиондан ортиқ ёки ҳар 100 кишига 26 та эмлаш амалга оширилган. Таққослаш учун, Қўшма Штатларда бу кўрсаткич 100 кишига атиги 4,4 дозани, Канадада эса 1,5 ни ташкил қилади.

Аввалроқ ЖССТ нечта давлат COVID-19’га қарши эмлашни бошлаганини маълум қилган эди. Шунингдек, Европаликлар коронавирусга қарши эмланишдан қўрқаётгани ҳақида хабар берилган.