Ўзбекистонда талабаларнинг академик таътил олиши осонлаштирилади

Ўзбекистонда олий таълим муассасалари талабаларининг академик таътил олишида янги тартиблар белгиланади. Бу ҳақда 2021 йилги давлат дастури лойиҳасида эълон қилинди.

Фото: «abt.uz»

Лойиҳага кўра, академик таътил вақтида ўқишни сиртқи ёки масофавий шаклга ўтказиш мумкин бўлади. Шунингдек, талабаларга ўқиш давомида академик таътил берилиши бўйича миқдорий чекловлар бекор қилиниши кутилмоқда.

Оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш сабабли анъанавий шаклдаги таълимни давом эттириш имконияти бўлмаган талабаларга ҳам академик таътил олиш ҳуқуқи берилади. Бундан ташқари, академик таътилдан қайтган талабаларни илгари ўзлаштирилган фанлар бўйича қайтадан ўқитиш амалиёти бекор қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа муҳокамаси 15 январда бошланган бўлиб, 25 январга қадар давом этади.

Аввалроқ Ўзбекистон олий таълим муассасаларида талабаларнинг рейтинг дафтарчаси ва гуруҳ журналлари бекор қилиниши ва Ўзбекистон ОТМ талабаларига академик таътил берилиш тартиби маълум қилинган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида февраль ойидан анъанавий таълим шакли бошланиши мумкинлиги ҳамда Ўзбекистон мактабларида таълим жараёнини бир вақтнинг ўзида икки хил шаклда ташкил этишга қарор қилинган.