Сурхондарёда 4 йилдан буён алимент тўлашдан қочиб юрган ота қўлга олинди

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 4 йиллик алиментни тўламай қочиб юрган ота ушланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Хабар қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туманлараро судининг 2016 йил 24 августдаги буйруғига асосан Бандихон туманида яшовчи Ш.Х. икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Ота алимент тўлашдан қочиб юрганлиги сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган эди.

Тезкор қидирув давомида Ш.Х. топилиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун давлат ижрочисига топширилган. Бюронинг Бандихон туман бўлими давлат ижрочилари томонидан 2016 йилдан буён тўланмаган алимент қарздорлиги ҳисобланиб, уни тўлаши, акс ҳолда тўпланган ҳужжатлар судга тақдим этилиши тушунтирилган. Шундан сўнг, ота жами алимент қарздорлигини тўлиқлигича — 43 миллион 117 минг сўмни тўлаб берган.

Аввалроқ Фарғонада алимент тўламай, суддан қочиб юрган ота 7 ойдан сўнг қўлга олингани ва Aсакада алимент тўламаган ота 15 сутка «ўтириб чиққан»идан кейин ҳам қарзини узмагани хабар қилинган эди.