Самарқандда 58 та деҳқон ва буюм бозори қайта иш бошлади

Самарқанд вилоятида 58 та деҳқон ва буюм бозори қайта иш бошлади.

Маълум қилинишича, вилоятда 15 августдан бошлаб 58 та деҳқон ва буюм бозори ҳамда савдо мажмуалари кириш жойлари дезинфекция йўлаги, антисептик воситалар билан таъминланган. Шунингдек, бозорлар фаолияти тўлиқ йўлга қўйилиб, ниқоб тақмаган фуқаролар бозорга киритилмаслиги чоралари белгиланган.

Қайд этилишича, дўконларга кириш жойлари дезинфекциялаб турилмоқда. Савдо мажмуаларида ижтимоий масофа сақланиши, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши назорат қилинмоқда. Бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида радиоузеллар орқали аҳоли соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ва ўз соғлиғига масъулият билан ёндошишга чорланмоқда.

Бозорлар ва савдо комплексларида санитария кунлари ҳудудлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган кунларда ташкил этилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда 12 августдан бошлаб карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилиши ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик Самарқандда 17 августдан бошлаб 500 та автобус ҳаракати қайта тикланиши маълум қилинди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятидаги 285 та масжид қайта иш бошлаганди.

Янгиликлар