Aндижон, Бухоро ва Намангандаги айрим туман ҳокимлари 10 млн сўм мукофот пуллари билан рағбатлантирилди

Вазирлар Маҳкамасининг 17 cентябрдаги фармойиши билан айрим туман ҳокимлари ва уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилди. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.

Фото: ЎзA

Хабарга кўра, улар 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатларини таъминлагани учун рағбатлантирилган.

Қуйидаги туманлар ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари фармойишга асосан мукофот пули билан тақдирланади:

  •  Aндижон вилоятининг Избоскан ва Қўрғонтепа туманлари;
  •  Бухоро вилоятининг Ромитан тумани;
  •  Наманган вилоятининг Норин тумани;
  •  Сурхондарё вилоятининг Музработ ва Қумқўрғон туманлари;
  •  Хоразм вилоятининг Янгибозор тумани.

Қайд этилишича, мазкур туман ҳокимларига 10 миллион сўм, уларнинг биринчи ўринбосарларига эса 8 миллион сўм миқдорида пул мукофоти белгиланган. Рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Поп тумани ҳокимини «Шуҳрат» медали билан тақдирлагани, шунингдек, Президент Мустақиллик байрами муносабати билан коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларини, давлат хизматчилари ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳа ходимларидан бир гуруҳини ҳамда фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат ва ОAВ вакилларини мукофотлагани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар