Наманганда ҳужра ташкил қилиб, 20 нафар болани муттасил дўппослаб ўқитган 19 ёшли «устоз» қўлга олинди

Наманган шаҳрида хонадонида ҳужра ташкил қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда «Namanganliklar.uz» хабар берди.

Фото: «Namanganliklar.uz»

Хабарга кўра, 25 август куни вилоят ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши кураш бошқармаси ва ДХХ вилоят бошқармаси тезкор вакиллари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Наманган шаҳрида яшовчи 2001 йилда туғилган фуқаро июнь ойидан август ойига қадар яшаш уйида ноқонуний ҳужра ташкил қилгани маълум қилинган. Ҳужрада 20 нафар вояга етмаган болага доимий равишда диний сабоқ бериб, дарс жараёни вақтида ўқувчиларни муттасил равишда қийнаб, уларни ёғоч бўлаги, темир таёқ ҳамда темир занжир билан уриб дўппослаб келганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми (Қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, мазкур жиноятни содир этган шахс 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Наманганда ўғли ва жиянини «Жиҳодчилар» гуруҳига қўшган отанинг жиноий фаолиятига чек қўйилгани, Янгийўлда «Жиҳодчилар» оқими аъзолари қўлга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар