Наманганда ўғли ва жиянини «Жиҳодчилар» гуруҳига қўшган отанинг жиноий фаолиятига чек қўйилди
Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими ғояларини қўллаб-қувватлаб келган ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.
Аниқланишича, косибчилик билан шуғулланувчи, 1965 йилда туғилган фуқаро Facebook ижтимоий тармоғидаги профили орқали диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Абу Салоҳ, Содиқ Самарқандий ва бошқаларнинг ҳижрат, жиҳодга чорловчи аудио-видео материалларини жойлаштириб, тарғибот ишларини олиб борган.
Шунингдек, Суриядаги жангарилар билан виртуал алоқа боғлаб, Россиядаги танишлари орқали уларга бир неча маротаба пул маблағлари жўнатган. Мазкур фуқаро ўғлини, жияни, синфдоши ва танишлари — жами 6 кишини ўз виртуал гуруҳига қўшган.
Хабарда таъкидланишича, гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларидан 7 та мобиль телефон аппарати, 80 та DVD ва CD дисклар, 2 та микро чип, 2 та флеш-карта, 1 дона китоб ва 1 дона дафтар ашёвий далил сифатида процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ ДХХ уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига алоқадор 18 кишини қўлга олиб, улардан 3,2 миллиард сўмлик гиёҳванд моддалар мусодара қилингани, Фарғонада Telegram орқали ИИБ ходимини жиҳодга ундаган 22 ёшли қиз ҳамда Янгийўлда «Жиҳодчилар» оқими аъзолари қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.