Афғонистондаги портлашда 10 киши ҳалок бўлди

Афғонистон ғарбий қисмида жойлашган Гор вилоятидаги полиция бўлимида содир бўлган портлаш оқибатида 10 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий «1 TV» телеканали хавфсизлик манбасига асосланиб хабар берди.

Фото: AFP

Маълум қилинишича, 18 октябрь, якшанба куни Афғонистон ғарбий қисмида жойлашган Гор вилоятидаги полиция бўлимида портлаш содир бўлган. Портлаш оқибатида ўн киши ҳалок бўлган ва 20 киши жароҳат олган. Мазкур портлашни ҳеч қайси ташкилот ўз зиммасига олмаган.

Телеканал маълумотларига кўра, вилоят губернаторининг ўринбосари Ҳабибулла Радманиш портлаш вилоят маркази Фирозкох шаҳрида содир бўлганлигини тасдиқлаган. Портлаш бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилмаган.

Фото: AP

Шу билан бирга, маҳаллий полиция вакили телеканалга портлашда камида уч киши ҳалок бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, портлашга автомашинадаги бомба сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги қуролли ҳужум оқибатида Ўзбекистон фуқароси яраланган эди. Кейинчалик ушбу фуқаронинг Термизда даволанаётгани маълум бўлди.

Янгиликлар