Қарши шаҳар ҳокимияти саноат зонаси қуриш учун минглаб дарахтларни кесиб ташлади

Қашқадарёда вилояти Қарши шаҳрида 10 гектар майдонда кичик саноат зонасини барпо этиш учун 2874 туп дарахт ноқонуний кесилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясининг хулосасисиз, Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан 10 гектар майдонда кичик саноат зонасини барпо этиш учун 2874 туп дарахт ноқонуний кесилди.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри Буюк Турон кўчасида минглаб дарахтларнинг қўпорилаётганлиги ҳақидаги хабар Давлат экология қўмитасига келганидан сўнг ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганишлар натижасиида вилоят ҳокими қарорига асосан ажратилган 10 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилаётган бўлган.

Мазкур ҳудуддаги 2874 туп ҳар хил турдаги дарахтлар давлат рақами «555 SA 70» бўлган экскаватор ёрдамида илдизи билан қўпорилганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан далолатнома тузилган.

Инспекцияга Қарши шаҳар Қурилиш бўлимининг 2020 йил 23 ноябрдаги Қарши шаҳар Буюк Турон маҳалласи Буюк Турон кўчасида ташкил этилаётган кичик саноат зонаси ҳудудидаги экинзор ва дарахтларни таг қисмидан олиб ташлаш тўғрисидаги мурожаат қилинган. Мурожаатга жавобан Қарши шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан дарахт ва буталарни кесишга рухсат берилмаган.

Шунингдек, ажратилган 10 гектар ер майдонида ташкил этилаётган кичик саноат зонаси бўйича Давлат экология қўмитасининг экологик ҳулосаси олинмаганлиги аниқланган. Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо берилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Фото: Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Қашқадарёдаги экология инспекцияси чалғитилгани ва бу аҳолининг томорқа ери деб келишганлиги маълум қилинган. Бундан ташқари, хабарда ушбу ҳудуддаги 12 гектар ердан ҳозирги кунга қадар аҳоли фойдалангани маълум қилинган.

«Дарахт кесиш 1 суткадан кўпрок вақтда давом этган. Муаммо нимадан келиб чиқяпти. Одамлар бўлиб-бўлиб олган, лекин олганлиги тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Аҳолинининг агар томорқа ҳудуди бўлганида у мевали дарахтлар ўзининг мулки ҳисобланар эди. Хоҳласа, кесиши мумкин эди унда.

Лекин ўша ер кадастр ҳужжатларида белгиланмаганлиги сабабли, бу табиат мулки ҳисобланади ва давлатнинг захира ери саналади. Шу пайтгача ҳам захира ери ҳисобланган, лекин аҳоли ундан фойланиб келаверган. Бу ҳам Қарши шаҳар ҳокимияти томонидан қилинган ноқонуний ҳолат. Чунки захира ерини аҳоли фойдаланишга бериш мумкин эмас. Жиноят аломатлари жуда юқори.

Ҳужжатлар текширилганда ернинг фақат 3 гектарида 24 минг дарахт борлиги аниқланган ва улардан 2874 тупи кесиб ташланган. Қолганлари сақлаб қолинди», — дейди Экология қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев.

Янгиликлар