Олтиариқда танишига 10 000 доллар эвазига катта миқдорда кредит олиб бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида танишига 10 000 доллар эвазига катта миқдорда кредит олиб бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Олтиариқ туманида 2019 йил сентябрь ойида фуқаро Н.С. таниши A.A.га 10 000 доллар эвазига танишлари орқали катта миқдорда кредит маблағи олиб беришини айтган. Aлдов йўли билан олган 10 000 доллар миқдоридаги пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Қўлга олинган шахсга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олтиариқда фирибгарлик содир этиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Фарғонада 44 бош қўйни салкам 64 миллион сўмга сотиб олиб, пулни бермаган шахс қўлга олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар