Ўзбекистонда контракт чегирмасининг миқдори табақалаштирилган усулда белгиланади (фото)

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати марказида 19 август куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Хабарга кўра, Ўзбекистонда олий таълим йўналишидаги ислоҳотлар ҳамда ушбу тизимда учраётган муаммо ва камчиликлар тўғрисида сўз юритилди. Давра суҳбатида сенаторлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси мутасаддилари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Пандемия шароитида таълимнинг масофавий ташкил этилиши унинг сифатига ҳам салбий таъсир этмоқда, талабалар овқатга ёки дорига пул топишга қийналаётган, авваллари ишлаб, ўқишига пул тўлаётган талабаларнинг кўпчилиги ҳозир ишларидан ҳам айрилгани, шу шароитда контракт тўловидан 10 фоиз чегирма берилиши жуда кам, деб баҳоланмоқда ва 30-40 фоиз чегирма бўлиши лозимлиги кўрсатилмоқда. Қолаверса, тўлов-контракт миқдори таълим сифати билан ўзаро боғлаб кўрсатилиб, ўқитиш сифати пастлиги натижасида мамлакатнинг бирорта олий таълим муассасаси дунё миқёсида ТОП-1000 га кирмаганлиги ҳам таъкидланган», — дейилади хабарда.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Қайд этилишича, аҳолининг тўлов қобилияти пасайишини ҳисобга олиб, бугунги кунда белгиланган контракт миқдори ўқитишнинг минимал харажатларини ҳам қоплай олмаётганлигига қарамасдан (ўртача 68 фоизи қопланмоқда), талабалар учун енгиллик яратиш мақсадида амалдаги контракт миқдори бўйича барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилишини ижобий баҳолаш лозим. Бундан ташқари, етим, чин етим, ногирон бўлган талабаларга ҳамда «темир дафтар» рўйхатидаги оиладан бўлган талабаларга контракт тўловларининг қоплаш учун манзилли моддий ёрдам кўрсатилиб, 4 миллион сўмгача молиявий ёрдам кўрсатилиши белгиланган. Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган талабага эса шартнома миқдорининг 35 фоизини тўлаб берилади. Шу ўринда барча талабаларнинг моддий таъминоти даражасидан келиб чиқиб, уларга контрактдан чегирмалар белгилашни табақалаштирилган усулда амалга оширилиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ОТМларида кундузги таълим шаклида ўқийдиган талабаларга тўлов-контракт учун 10 фоиз чегирма берилиши ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар