Қўқон шаҳар ҳокимлиги кўчалар исириқ билан дезинфекция қилингани ҳақидаги хабар юзасидан расмий муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда 18 август, сешанба куни “Қўқон шаҳри кўчалари исириқ билан дезинфекция қилинмоқда” сарлавҳаси остида тарқалган видеороликлар юзасидан Қўқон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, Қўқон шаҳар “Тоза ҳудуд” ДУК ҳодимлари шаҳар ва шаҳар атрофидаги маиший чиқиндиларни йиғиб олишлари давомида маиший чиқиндилар билан бирга олинган чўғланган исириқ қолдиқларини ўчиришга уринган. Шу мақсадда автомашина ҳаракатланаётганда бир-бирига ҳазил қилиб, ўйнашиб, ўзларини кўрсатиш учун исириқ тўлиқ ёниб тугагунча йўл-йўлакай тутатиб кетган, дейилади хабарда.

Расмий муносабатда уларнинг бу хатти-ҳаракатлари шаҳарда олиб борилаётган коронавирусга қарши дезинфекция ишлари билан боғлиқ эмаслиги таъкидланган.

Шунингдек, Қўқон шаҳар ҳокимлиги ёки бошқа мутасаддилар томонидан мазкур ҳолат бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмагани маълум қилинган.

Аввалроқ Қўқонда кўчалар исириқ билан дезинфекция қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун, мутахассис Феруза Ҳамробоева исириқ тутуни юқумли касаллик билан касалланган бемор хонадони ҳавосини инфекциядан тозалаш мақсадида тавсия этилишини, аммо бошқа муолажаларни четга суриб қўйиб, фақат исириқдан нажот кутиш нотўғри эканини маълум қилган эди. Шунингдек, Наманган вилояти ҳокимлиги коронавирусни даволашда исириқ ва атиргул ҳидлашни тавсия қилган. 15 март куни Вазирлар Маҳкамасида коронавирусга бағишланган тадбирда иштирок этганлардан ҳеч бири тиббиёт ниқобини тақмаган. Аммо кириш йўлагида исириқ тутатилган.

Янгиликлар