Қоракўлда туман тарихи ҳақида маълумот берувчи «Маърифат бекати» ташкил этилди (фото)

Бухоро вилояти Қоракўл туманида «Маърифат бекати» ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, бекатда фуқароларнинг маданий ҳордиқ олишига катта эътибор қаратилган. Дастлабки учта лавҳада Қоракўл туманининг тарихи ва қадимий ёдгорликлари ҳақидаги маълумотлар акс эттирилган бўлиб, уларни ўқиб чиққач, Қоракўл тумани ўтмиши ҳақида етарли маълумотга эга бўлиш мумкин.

Кейинги учта лавҳада Президентнинг илм-маърифат ҳақида айтган фикрлари, Ҳаракатлар стратегияси ва ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳияти ёритилган.

Энг сўнгги лавҳада жаҳон ва ўзбек адабиётига мансуб асарларнинг электрон шакли жойлаштирилган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Эндиликда тумандошларимиз исталган вақтда бу ерга келиб, ўзи ёқтирган китобларни электрон шаклда қўл телефони ёки ноутбукларга юклаб олган ҳолда мусаффо ҳаво қўйнида мутолаа қилишлари мумкин», — дейилади хабарда.

Aввалроқ Қоракўлда «темир дафтар»га киритилган оилаларга қарийб 2 миллиард сўм тарқатилгани ҳақида хабар берилганди. Маълум қилинишича, бир марталик ёрдам пуллари Қоракўл тумани «Полвонлар» МФЙ ҳудудида яшовчи 2284 та оиланинг 8505 нафар аъзосига тарқатилган. Ушбу ҳудуд вилоятнинг 1-секторида жойлашган.

Янгиликлар