ССВ: «Ўзбекистонда коронавирус беморларини даволаётган тиббиёт ходимлари ‘вахтa’ усулидан кунбай ишлаш тизимига ўтади»

Ўзбекистонда беш ойдан ортиқ вақт давомида тиббиёт муассасасида қолиб ишлаётган тиббиёт ходимлари 14 кунлик «вахта» усулида эмас, балки кунбай келиб-кетиш тизимига ўтиш бўйича ўз таклифларини билдирмоқда, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Россия, Туркия, Германия, Хитой, Корея ва бошқа ривожланган мамлакатлар экспертлари ҳам коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашга мўлжалланган, саралаш ва провизор шифохоналари ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораториялари ходимлари иш режимини, уларнинг санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда кунбай келиб-кетиш тизимига ўтказилишига ижобий муносабат билдирган.

Юқоридаги таклиф ва тавсиялардан келиб чиқиб, Республика махсус комиссиясининг 17 августидаги тегишли йиғилиш баёнига кўра, 20 август санасидан қуйидаги тартиб жорий этилади:

  • коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ишларига жалб қилинган ҳамда ушбу инфекцияни аниқлаш лабораторияси ходимлари 14 кунлик «вахта» усулидан, уларнинг санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда кунбай келиб-кетиш тизимига ўтилади.

Иш ҳажмидан келиб чиқиб, 6 кунлик кунбай ишлаш мумкинлиги белгиланган ҳолда ҳар 30 кун учун бир ойлик иш фаолияти якуни бўйича:

  • шифокорларга 25 миллион сўм;
  • ўрта тиббий ходимларга 15 миллион сўм;
  • кичик тиббий ходимларга 10 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга 5 миллион сўм миқдорида махсус рағбатлантириш тўловлари (даромад солиғидан ташқари) тўланиши белгиланди.

Кунлик қўшимча тўловлардан ташқари, асосий иш жойидаги ойлик маоши сақлаб қолиниши ҳамда ходимларнинг дам олиш ва байрам кунларидаги ишлари учун уларга белгиланган тартибда икки ҳисса ҳақ тўланади.

Aввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий фаолиятни юритишга қўйилган талаблар давлат ҳамда хусусий шифохоналар учун бирдек амал қилишини маълум қилганди.

Янгиликлар