Фарғонада «Cobalt» ҳайдовчисига «Spark» томонидан содир этилган қоидабузарлик хати келгани тўғрисидаги хабарга изоҳ берилди
Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати «Cobalt» ҳайдовчисига «Spark» томонидан содир этилган қоидабузарлик хати келгани айтилган хабар юзасидан ихоҳ берди.
Қайд этилишича, 2021 йил 20 январь куни ижтимоий тармоқда «Cobalt» ҳайдовчисига «Spark» томонидан содир этилган қоидабузарлик хати келибди» сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалган. Унда кўрсатиб ўтилган жарима солиш тўғрисидаги қарор ўрганилганда Фарғона вилояти Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими масъул ходими томонидан хатоликка йўл қўйилгани маълум бўлган.
Яъни 2021 йилнинг 12 январь куни соат 13:41 да Фарғона вилояти Соҳибқирон кўчаси йўналишида 1969 йилда туғилган, «Spark» 10 С 715 РА давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланганлиги махсус мослама ёрдамида қайд этилган.
Ана шу вақтда автоматик тарзда «40 С 715 РА» давлат рақам белгисидаги Р ҳарфи R бўлиб, «40 С 715 RA» рақами билан қайд этилганлиги, масъул назоратчининг эътиборсизлиги сабаб, ушбу жарима «Cobalt» «40 С 715 RA» давлат рақам белгили автомобиль мулкдорининг яшаш манзилига юборилганлиги маълум бўлган.
Бош бошқарма хабарига кўра, айни вақтда ушбу қоидабузарлик юзасидан «Cobalt» «40 С 715 RA» давлат рақам белгили автомобиль мулкдори М.М.га нисбатан тасдиқланган жарима солиш тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда бекор қилинган. Шунингдек, ушбу хатоликка йўл қўйган назоратчи масъулга нисбатан Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилётганлиги маълум қилинган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Жиззахда автомобилида инсон жасади борлигини айтиб, машина рақамини беркитган ҳайдовчи қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.