Тошкентда содир бўлган ЙТҲ оқибатида 2 киши воқеа жойида ҳалок бўлди

Тошкентда содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида 18 ва 19 ёшли фуқаролар воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълумотларга кўра, 19 январь куни тахминан соат 21:30 атрофида Мирзо Улуғбек тумани Юзрабод ва Козева кўчалари кесишмасида автоҳалокат содир бўлган. Аниқланишича, автоҳалокатда 23 ёшли И.Д. бошқарувидаги «Damas» ва 29 ёшли Бухоролик Б.Р. бошқарувида бўлган ВАЗ-2115 тўқнашган.

Оқибатда «ВАЗ-2115» русумли автомобиль йўловчилари – 18 ёшли Бухоро вилоятилик Д.Б. ва 19 ёшли М.Ж. олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Бундан ташқари, «ВАЗ-2115» ҳайдовчиси ва йўловчи 27 ёшли Ш.Ш. бадан шикастлари билан шифохонага етказилган.

ЙТҲга «Damas» ҳайдовчиси бурилиш вақтида тўғри йўлдан ҳаракатланиб келаётган «ВАЗ-2115» автомобилига йўл бермагани тахмин қилинмоқда. «ВАЗ-2115» ҳайдовчиси эса, бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги дарахтга тўқнашган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266 моддаси 3 қисми бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззах шаҳрида «Howo» юк автомобили ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қамчиқ довонида «Mercedes Sprinter» русумли автомобилда ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар