«Уларга ҳавасим келяпти». Расул Кушербаев Тошкент шаҳар кенгаши депутатларига пул ажратилганига муносабат билдирди

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ҳар бир депутатига 2 миллиард сўмдан пул ихтиёрига берилиб, ўзлари лозим деб топган мақсадлар учун ишлатишларини атйган ва уларга бунинг учун ҳавас қилаётганлигини маълум қилган. Депутат бу ҳақда ўзининг Telegram каналига пост жойлади.

Кадр: Telegram

Расул Кушербаев пост аввалида 2021 йилнинг ўзида Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари ихтиёрига бюджет тушумининг орттириб бажарилган қисмидан 120 миллиард сўм маблағ берилаётганлигини, Тошкент шаҳри туманларидаги депутатларнинг ҳар бири эса 100 миллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтириш имконига эга бўлишганини ёзган.

«Тўғриси, Тошкент шаҳар кенгаши депутатларига ҳавасим келаяпти. Боиси, жойларда сайловчилар билан учрашувлар вақти биз мамлакат миқёсида қабул қилаётган қонунлар ва давлат бюджети ҳақида маълумот беришимизга қарамай сайловчилар ўзи яшаётган кўча қачон таъмирланиши, симёғочлар қачон алмаштирилиши, қачон ичимлик суви келиши каби масалалар бўйича саволлар беришади. Уларга шу кўпроқ қизиқ. Бу ҳам табиий ҳол.

Афсуски, депутатда бу каби алоҳида муаммолларни ҳал этиш учун сўров, илтимос ва мурожаат киритиш ҳуқуқи бор холос. Алам қиладигани жойида аниқлаган муаммони тезда бартараф этиш учун маблағни йўналтириш имкони йўқ: ё қайсидир вазирлик ё ҳокимликка ялиниш керак. Ва натижа ҳам шундан келиб чиқиб», — деб ёзади депутат.

Шунингдек, депутат, умуман, ҳар бир Олий Мажлис депутатлари учун ҳам шундай амалиёт қилинса, депутатлардан сайловчиларнинг розилиги ошган бўлишинти таъкидлаган. Бу ўринда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ва ҳокимлик ўртасидаги ушбу қадамни чин дилдан қўллаб-қувватлаши ва бошқа ҳудудлар ҳам намуна олса бўладиган тажриба деб ҳисоблашини айтиб ўтган.

«Албатта агар ҳудудлардаги яккаҳоким, Кенгаш раиси бўлган раҳбарлар сал депутатлар учун ҳам қайишиб, улар билан ҳисоблашишни ‘ўзига паст кетиш’ деб тушунишмаса», — дейди Расул Кушербаев.

Бундан ташқари, депутат бу маблағларни улар нимага ишлатиши борасида савол қолдириб, бунга жавобан сайловчилари томонидан билдирилаётган энг муҳим муаммоларни бартараф этиш: кўчани таъмирлаш, сувни яхшилаш, алоқа сифатига қараш ва ҳоказоларга, энг муҳими бу орқали сайловчилар депутатнинг ҳақиқий кучини кўра олишини ёзган.

«Шаҳар ҳокимлигининг билдиришича, бир вақтнинг ўзида туманлар маҳаллий бюджети тушумларининг орттириб бажарилган қисмидан маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш учун ҳар бир маҳалла фуқаролари йиғини раисларига 50 миллион сўмдан ажратилар экан (519 та маҳалла-жами қарийб 26 миллиард сўм). Менимча шаҳар кенгаши ва ҳокимлик жамоаси жамоатчилик билан ишлаш ва ҳисоблашишни амалда ҳам ўзининг устувор масаласи сифатида кўраяпти. Хуллас бўлаётган ўзгаришларга кўз тегмасин», — дейди у.

Аввалроқ Расул Кушербаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилаётгани ва бу билан ҳайдовчиларга қўлланиладиган жарималар миқдори камайтирилишини маълум қилганди.

Янгиликлар