Самарқандда қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади

Президент Шавкат Мирзиёев 2021—2022 йилларда вилоятда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга ошириладиган режалар хусусида сўз юритган. Бу ҳақда «Дарё» хабар қилди.

Фото: yuz.uz

Маълум бўлишича, Самарқанд вилоятида 2021—2022 йилларда энергетика соҳасида 974 миллион долларлик 8 та йирик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада 1,8 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

«Келгуси икки йилда вилоятда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қиймати 30 триллион 415 миллиард сўмлик ёки 2,9 миллиард доллар бўлган 1 минг 279 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган. Жумладан, қиймати 12 триллион сўм бўлган 1 минг 184 та ҳудудий лойиҳа, қиймати 18,4 триллион сўм бўлган 95 та тармоқ лойиҳалари амалга оширилади. Бундан ташқари, 1,8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва 26 мингта доимий иш ўринлари яратилади», — деди Шавкат Мирзиёев .

«Шунингдек, Франциянинг Total Eren компаниясининг 100 миллион доллар сармояси ҳисобига жорий йил декабрда Нуробод туманида қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади. Шу билан бирга, Самарқанд шаҳридаги Азия металл проф корхонасида 184 миллион доллар инвестиция эвазига металл лист ва қувурлар ишлаб чиқариш қуввати ҳозирги 270 минг тоннадан 870 минг тоннага оширилади», — деди президент.

Қайд этилишича, давлат раҳбари масъул ташкилот раҳбарларига икки ҳафта муддатда ҳар бир инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича тармоқ жадвалларини тасдиқлаб, ҳар ойда ижросини муҳокама қилиш зарурлигини қатъий таъкидлаган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда гидроаккумуляция электростанцияси қурилади деб хабар қилган эдик.

Янгиликлар