Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари ўзига берилган ҳайфсанга муносабат билдирди

Бош вазир бошчилигида 8 август куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла тизими фаолиятида ишни ташкил этиш борасидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, натижалар қониқарли эмаслиги туфайли маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, вазир ўринбосарлари Азизбек Икромов ва Ботир Парпиевга ҳайфсан эълон қилинган жазо берилган эди. Ботир Парпиев ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди, деб ёзади «ЎзА».

Фото: «Qalampir.uz»

19 август куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз олган вазир ўринбосари Ботир Парпиев ҳукумат томонидан тизим раҳбарларига берилган жазо адолатли эканини таъкидлаган.

«Ўз ишининг моҳиятини тўғри тушунмайдиган вилоят, туман ва шаҳар тизимида ишлаётган раҳбарлар ҳамда ўз вазифасига номуносиб маҳалла раислари туфайли шу аҳволга тушиб қолдик.

Айниқса, охирги пайтларда интернет тармоқларини ‘ишқилиб, яна бир бало чиқмаган бўлсин-да маҳалла ҳақида’, деган хавотир билан кузатадиган бўлиб қолдик. Чунки бизга тушган раислардан норози бўлиб ёзилган мурожаатлар, ижтимоий тармоқлардаги материалларни ўрганганимизда кўпинча маҳалла раислари ноҳақ бўлиб чиқаяпти», — деган вазир ўринбосари.

Агентликнинг ёзишича, 2020 йил 19 август ҳолатига кўра, вазирликка маҳалла раиси ва ходимлари хатти-ҳаракатидан норозилик мазмунида 5173 та мурожаат келиб тушган. Шундан 140 таси тўғридан-тўғри вазирликка келиб мурожаат қилган.

Энг кўп мурожаат Қашқадарё вилоятида 756 та, Тошкент шаҳрида 640 та, Сурхондарё вилоятида 578 та, Самарқанд вилоятида 450 та, Тошкент вилоятида 397 та, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида 360 тани ташкил этади.

Маълумот учун, 4 август куни Ўзбекистон Президенти томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла вазирлиги раҳбарияти фаолияти жиддий танқид қилиниб, қониқарсиз деб баҳоланган эди.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ва унда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбарларига ҳайфсан эълон қилингани ҳақда хабар берилган эди.

Янгиликлар