Намангандаги тижорат банкларига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 80 млрд сўмлик ресурс маблағлари жалб қилинди

Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 16 июндаги «Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4752-сонли қарорига асосан Наманган вилояти тижорат банклари томонидан тизимли вазифалар бажарилмоқда. Бу ҳақда Наманган вилояти марказий банк бош бошқармаси хабар берди.

Хабарда айтилишича, хизматлар соҳасини ривожлантириш учун Наманган вилоятидаги тижорат банкларига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 80 миллиард сўмлик ресурс маблағлари жалб қилинган. Наманган шаҳри ва ҳар бир туманда лойиҳалар дастури ишлаб чиқилиб, уларга 35 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.

Маълум қилинишича, кредитлар хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектларига, айниқса, маиший, таълим, тиббий, ахборот-коммуникация ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда фаолият кўрсатадиган корхоналарни ташкил этиш ва жиҳозлаш учун ажратилишига катта аҳамият берилмоқда.

Мисол учун, «Микрокредитбанк» томонидан Чуст туманидаги «NEVRO PULS MEDIKAL» хусусий корхонасига 700 миллион сўм миқдорида кредит маблағи берилган. Туманда яна бир замонавий тиббий диагностика маркази ташкил топган. Шунингдек, Учқўрғон туманида «Агробанк» томонидан «Учқўрғон эко сервис» хусусий корхонасига ажратилган 300 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ҳисобидан ахборот технологиялари соҳасида замонавий хизматлар кўрсатувчи корхона очилган.

Аввалроқ Наманганда салкам 12,5 миллиард сўмга 22 та лойиҳа амалга оширилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар