Ўзбекистонда 2020 йилнинг 7 ойида қанча ўлим ҳолати қайд этилгани маълум қилинди

Давлат статистика қўмитаси 2020 йилнинг 7 ойида қанча ўлим ҳолати қайд этилгани бўйича статистик маълумотларни тақдим этди, деб хабар бермоқда «ЎзA».

Маълум қилинишича, июль ойида нисбатан энг кўп, яъни 17 369 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Йил бошидан бери (январь—июль) 92 026 та ўлим ҳисобга олинган. Ойлар кесимида таҳлил қилинса, январь ойида 11 136 та, февраль ойида 13 693 та, март ойида 12 633 та, апрель ойида 11 613 та, май ойида 11 792 та, июнь ойида 13 790 та, июль ойида 17 369 та вафот этганлар қайд қилинган.

2020 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида қайд этилган ўлимлар сони 2019, 2018 йиллардаги 6 ой кўрсаткичига нисбатан камроқ бўлган. Жумладан, 2020 йил январь—июнь ойларида 74 657 та ўлим қайд этилган бўлса, 2018 йил 6 ой давомида 75,6 минг, 2019 йилда шунча вақт мобайнида 75,8 мингта ўлим ҳолати ҳисобга олинган.

Aввалроқ Ўзбекистонда статистика органларининг қонуний фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ҳақда хабар берилганди. Таъкидланишича, статистика органларининг қонуний фаолиятига ҳар қандай аралашишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, ҳудудий статистика бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) статистика бўлимлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил бўлиб, бевосита Давлат статистика қўмитасига бўйсунади.

Янгиликлар