Видео: Наманган шаҳрида коронавирусдан ўлгани айтилган бемор аслида тирик бўлиб чиқди

Намангандаги коронавирусга чалинганларни даволовчи тақсимлаш марказида беморлардан бири вафот этгани тўғрисида уларнинг оила аъзоларига хабар берилган. Марҳумнинг ўғли отасининг жасадини олиш учун шифохонага борган. Ўғил отасининг телефони қаердалигини билиш мақсадида қўнғироқ қилган шу вақтда қўнғироққа унинг отаси жавоб берган. Яъни вафот этилганлиги айтилган фуқаро аслида тирик бўлган. Бу ҳақда «Замон» информацион дастури хабар берди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги «Илғор» маҳалласида яшовчи фуқаро коронавирусга чалинганлар шифохонасида вафот этгани ва маййитни ювиб, унинг яқинларига бошқа жасад бериб юборилгани тўғрисида хабар тарқалди. Ушбу маълумотни тарқатган Қ.М. исмли фуқаронинг сўзларига кўра, шифохонадан, ҳақиқатан ҳам, бошқа кишининг жасади бериб юборилган.

«23 сентябрь куни дадам билан гаплашдик, саломатман дедилар. Орадан 20 дақиқа ўтгач, шифокорлар қўнғироқ қилиб, оғирлашиб қолди дейишди. Ортга қайтдим. Вафот этди, дейишди. Биз ўша ерда деб ўйладик. Телефонлари эсимга тушиб қолди ва қўнғироқ қилсам, жавоб бердилар. Дадангиз тирик қолдилар-ку, дейишгани учун ҳеч қандай эътирозим бўлмади», — дейди фуқаронинг ўғли.

Тақсимлаш маркази шифокорларидан бирининг сўзларига кўра, битта палатада иккита бир хил фамилияли бемор даволанган ва уларнинг ёши ҳам бир-биридан 1—2 ёшга фарқ қилган. Беморларнинг бирида ижобий ўзгариш кузатилган бўлса, иккинчисида аҳвол оғирлашиб, ёндош касалликлар туфайли вафот этган.

Aввалроқ Зангиотадаги шифохонада вафот этганларни яқинларига бериш тартиби маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.