Фарғонада 88 ёшли эркакка туғилганлик тўғрисида гувоҳнома берилди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи 88 ёшли Ҳожимат ота Тожибоевга туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Тўралар кўчасида яшовчи Ҳожимат ота Тожибоев 88 ёшга тўлди ва айни вақтга қадар туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмаган. Отанинг тўққиз нафар фарзанди, 31 нафар набираси бор. «Биз яшаган замонлар соддачилик даври эди. Чарм заводида қоровулчилик қилдим. Кимдир ‘Бу ерга қўл қўй’ деса, имзо чекиб кетаверган эканмиз. Мана, бу омон-омон замонларда мерос масалаларида шу хужжат тушмагур керак бўляпти», — дейди Ҳожимат ота Тожибоев.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси матбуот хизмати

Марғилон шаҳар ФҲДЁ бўлимида унга 88 йил кечикиб келган хужжат расмийлаштириб берилган. Маълумот ўрнида, вилоятда 2019 йилда турли сабаблар билан 518 та ҳолатда 16 ёшгача бўлган болалар туғилишининг муддати ўтказилиб қайд этилган. 2020 йил давомида эса ушбу ҳолатлар 236 тани ташкил этган ва 282 тага камайгани маълум бўлди.

Аввалроқ Ўзбекистонда «ЗAГС»ларнинг иш вақти ўзгартирилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар