Наманганда йигит ўғирлаган машинасида автоҳалокатга учради, бир киши вафот этди — видео

Наманган вилояти Норин туманид 12 январь куни «Matiz» автомашинасини ўғирлаб қочган йигит дўстининг ўлимига сабабчи бўлди. Бу ҳақда «Zo‘r TV» телеканалининг «Bu kun» дастурида хабар берилди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, 12 январь куни 19:30 атрофида Норин туманида яшовчи 18 ёшли йигит туман халқ таълими бўлими биноси ташқарисида қаровсиз қолдирилган «Matiz» автомашинасини олиб қочиб, Тегирмонбоши маҳалласи ҳудудига келганда икки дўстини кўриб қолган ва улар ҳам машинага ўтирган.

Автомашина юқори тезликда ҳайдалиши оқибатида Мирсултон–Ҳаққулобод автомобил йўлида жойлашган темир симёғочга бориб урилган. Бунинг натижасида йўловчилардан бири оғир жароҳат олган, иккинчиси эса кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми ва 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда туман ҳокимининг «Captiva»си уриб юборган йўловчи воқеа жойида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар