Навоийда фан олимпиадасига кетаётган ўқитувчи ва ўқувчи автоҳалокатга учраб, вафот этди
Навоий вилояти Нурота туманида 5 январь, сешанба куни ўқитувчи ва ўқувчи фан олимпиадасига олиб кетаётган машина автоҳалокатга учради, дея хабар бермоқда «Kun.uz».
Хабарда айтилишича, 5 январь куни Навоий шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг вилоят босқичи бошланган. Нурота туманидан мазкур олимпиадага икки ўқувчи ва икки ўқитувчини олиб келаётган «Nexia» автомашинаси йўлда аварияга учраган.
Нурота тумани халқ таълими бўлими мудири Байрамали Бобоназаровнинг маълум қилишича, улар тумандаги 2-мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари бўлган. Машина «Қорақарға» довонидан ўтаётганда йўлдан чиқиб кетган. Оқибатда бир нафар ўқитувчи ва бир нафар ўқувчи воқеа жойида вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага ҳайдовчи тезликни оширгани сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Наманганда содир бўлган автоҳалокат оқибатида она ва унинг 3 ёшли қизи вафот этгани хабар берилганди. Кейинчалик ҳалокатдаги аёл ва қиз Сув хўжалигини вазири ўринбосари Воҳид Аҳмаджоновнинг оиласи бўлганлиги маълум қилинган.