Наманганда юк машинасига бориб урилган «Nexia»даги 6 киши ёниб кетган видео эълон қилинди

Наманган вилоятида юк машинасига бориб урилган «Nexia» ичида бўлган 6 киши ёниб кетиши оқибатида вафот этгани хабар қилинганди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати 18 декабрь куни воқеа тафсилотлари ёритилган видеони эълон қилди.

Маълум қилинишича, 16 декабрь куни соат 16:30 ларда, Наманган вилояти, Наманган шаҳридаги чорраҳада 1974 йилда туғилган ҳайдовчи А.А. «Маn» русумли юк автомашинасида ҳаракатланаётиб, чорраҳадан ўтаётган 1978 йилда туғилган ҳайдовчи Н.М. бошқарувидаги «Nexia» русумли автомобиль билан тўқнашган. Оқибатда ёнғин содир бўлиб, «Nexia» автомобилда бўлган 42 ёшли ҳайдовчи, ҳайдовчининг 39 ёшли хотини ва уларнинг 10, 13 ёшли фарзандлари, 34 ёшли йўловчи ҳамда 7 ёшли бола вафот этган.

Шундан сўнг 17 декабрь куни ЙҲХББ мутасаддилари томонидан ушбу йўл транспорт ҳодисасининг келиб чиқиши, оқибатлари муҳокамасига бағишланган мулоқот ўтказилди. Мазкур ЙТҲ юзасидан Наманган вилояти ИИБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қамчиқ довонида 13 та машина иштирокида бир нечта ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сурхондарёда таъмирланаётган йўлда «Cobalt» ағдарилиб кетиб, ҳайдовчи ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Янгиликлар