Қамчиқ довонида вазир ўринбосарининг машинаси жарликка қулаши оқибатида амалдорнинг аёли ва қизи ҳалок бўлди
Наманганда содир бўлган автоҳалокат оқибатида она ва унинг 3 ёшли қизи вафот этгани хабар қилинганди. Маълум бўлишича, аёл ва қиз Сув хўжалигини вазири ўринбосари Воҳид Аҳмаджоновнинг оиласи бўлган. Бу ҳақда «Kun.uz» нашри хабар қилди.
Хабарга айтилишича, Янги йил байрамини нишонлаш учун водийга кетаётган Сув хўжалигини вазирининг ўринбосари Воҳид Аҳмаджонов ва унинг оиласи бўлган автомобиль Қамчиқ довонида жарликка қулаб, ҳалокатга учраган.
Наманган вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг воқеа юзасидан берган маълумотига кўра, 2020 йил 31 декабрь куни соат 23:00 атрофида Тошкент—Ўш йўлининг Поп тумани Қўшминор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Тошкент—Қўқон йўналишида содир бўлган. «Gentra» автомашинасини бошқариб келаётган қўқонлик 24 ёшли фуқаро ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган Тошкент шаҳрида яшовчи 41 ёшли фуқаро бошқарувидаги «Gentra» автомашинасининг орқа чап томон қисмига урилиб кетган.
Оқибатда олдиндаги «Gentra» йўл четига чиқиб кетиб, қияликка ағдарилиб кетган. Ҳайдовчининг автомашина салонида бўлган 34 ёшли турмуш ўртоғи ва 3 ёшли қизи шифохонада вафот этган. Амалдорнинг ўзи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Дафн маросими 2 январь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган.
Таъкидланишича, вазир ўринбосари шахсий «Gentra» автомобилида ҳаракатланган ва оиласи билан янги йил байрамини нишонлаш учун водийга кетаётган бўлган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Тошкентда ҳайдовчи «BMW X5»ни «столба»га бориб урилгани маълум қилинганди.