Намангандаги автоҳалокат оқибатида она ва унинг 3 ёшли қизи вафот этди
Наманган вилояти Поп тумани Қўшминор МФЙ ҳудудида2020 йил 31 декабрь куни иккита «Gentra» автомашинаси иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаси оқибатида она ва унинг 3 ёшли қизи вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, 2020 йил 31 декабрь куни соат 23:00 атрофида Тошкент—Ўш йўлининг 258 километри — Поп тумани Қўшминор МФЙ ҳудудида Тошкент—Водий йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган фуқаро «Gentra» автомашинасини бошқариб бораётиб, ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Gentra» автомашинасини орқа чап томон қисмига урилиб кетган.
Оқибатда «Gentra» автомашинаси йўл четига чиқиб қияликка ағдарилиб кетган. Автомашинада бўлган ҳайдовчининг 1986 йилда туғилган турмуш ўртоғи ва 2017 йилда туғилган қизи олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган.
Таъкидланишича, ушбу ҳолат бўйича Поп туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 2021 йил 1 январь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Самарқандда онаси намоз ўқиётган вақтда машинасини олиб қочган 14 ёшли бола ЙТҲ содир этиб, тенгдошини ўлдириб қўйгани ҳақида хабар берилганди.