Тошкент вилоятида ҳокимият вакили пичоқланди

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида ҳокимият вакили пичоқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси расмий баёнот берди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, у низоли уй масаласига аралашиб қолган. Ҳокимият вакилининг қорин ва чап оёғи сон қисмига ошхона пичоғи билан жароҳат етказилган.

Маълумотларга кўра, Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро Б.А. 2021 йил 19 январь куни Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган низоли хонадонга туман ҳокимининг эгалик ҳуқуқи бериш ҳақидаги қарори қабул қилинмаётганлиги, бунга эса туман ҳокимлиги ходими Т.С. тўсқинлик қилаётганлиги важидан у билан ўзаро жанжаллашган. Оқибатда фуқаро ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан унинг қорин қисми ва чап оёғи сон қисмига уриб, тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 19 январь куни Ўрта Чирчиқ туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «б»,«л» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчи Б.А. Жиноят процессуал кодексининг талаблари асосида ушланган. Ҳозирда Ўрта Чирчиқ туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда маст эркак хотини ва қайнсинглисини пичоқлаши оқибатида ёллардан бири вафот этгани ва Навоийда отаси мастлиги учун машинани 10 ёшли бола бошқаргани хабар қилинган эди.

Янгиликлар