Бухорода 45 та ёнилғи қуйиш шохобчаси таъмирталаб экани маълум бўлди
Бухородаги қатор туманларда автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаларида назорат тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти, Санитария-эпидемиология инспекцияси Бухоро вилоят бошқармаси ҳамда «Ўзнефтгазинспекция» Бухоро вилояти ҳудудий бўлими масъуллари билан биргаликда Бухоро вилоятининг Олот, Қоракўл, Жондор, Қоровулбозор, Бухоро, Ромитан, Пешкў, Когон туманлари ва Когон шаҳрида фаолият олиб бораётган автомобилга ёнилғи ва газ қуйиш шохобчаларида санитария-гигиена шароитларининг мавжудлиги ҳамда санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига мувофиқлигини қайта ўрганиш юзасидан назорат тадбирлари олиб борилган.
Ўрганишлар натижасида жами 182 та ёнилғи қуйиш шохобчаларидан 45 тасида қайта қуриш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари олиб борилмаганлиги аниқланган. Булар Олот туманида 3 та, Қоракўл туманида 3 та, Жондор туманида 11 та, Қоровулбозор туманида 1 та, Бухоро туманида 7 та, Ромитан туманида 7 та, Пешкў туманида 4 та, Когон туманида 5 та, Когон шаҳрида 4 тани ташкил этади.
Назорат тадбирлари давомида ёнилғи ва газ қуйиш шохобчалари эгалари бўлган юридик шахсларга огоҳлантириш хатлари, ўрганиш далолатномалари ҳамда намунавий лойиҳа асосида қуриладиган лойиҳалар тақдим этилганлигига қарамасдан, қурилиш, таъмирлаш ишлари ҳанузгача бошланмаганлиги аниқланган ва тушунтириш ишлари олиб борилган. Навбатдаги туманларда ҳам ўрганиш ишлари олиб борилиши маълум қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1 сентябрдан ҳожатхонаси йўқ АЁҚШларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслиги хабар қилинган эди.