Ургут тиббиёт коллежи биносида 500 ўринли махсус шифохона ташкил этиш ишлари бошланди

Самарқанд вилояти Ургут тумани тиббиёт коллежи биносида 500 ўринли вақтинчалик махсус шифохона ташкил этилмоқда. Коллежнинг спорт залида 80 ўринли реанимация бўлими ташкил этилади. Ушбу шифохона барча зарур тиббий жиҳозлар ва кислород билан таъминланади. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Aйни пайтда коллеждаги хоналар 420 ўринга мослаштирилиб, ётоқ мебеллари билан жиҳозланмоқда. Коллеж ётоқхонаси муассасада ишловчи тиббий ходимлар учун ажратиб берилади.

Маълум бўлишича, туманда коронавирус инфекциясига гумондорлар шу пайтгача туман марказий шифохонаси юқумли касалликлар бўлимига жойлаштирилган. Касаллик аниқланган беморлар эса вилоятдаги тиббий муассасаларда даволанган.

Aввалроқ «Volkswagen Caddy» тез тиббий ёрдам машиналари Самарқандга етказиб берилгани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Нарпайда тез тиббий ёрдам бўлимларига 5 та «Damas» топширилгани хабар қилинган.