Хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистонда амалга оширган харажатларининг 20 фоизи қайтарилади

Ҳукумат қарори билан 19-сентябрда Ўзбекистон ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтариш («rebate») тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот Telegram канали хабар қилди.

Низомга кўра, хорижий кинокомпанияларга республика ҳудудида амалга оширган харажатларининг 20 фоизи (бироқ 300 минг доллардан ошмаган миқдорда) давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилади. Бунда хорижий кинокомпания республика ҳудудида фильмларни суратга олиш учун «Ўзбеккино»дан рухсатнома олади ҳамда ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланади.

Маълумотларга кўра, хорижий кинокомпания республика ҳудудида фильмларни суратга олиш учун Ўзбекистондаги тижорат банкларида махсус ҳисоб рақами очади ва харажатларни шу орқали амалга оширади. Рухсатнома муддати якунлангандан сўнг фильмни суратга олиш ишлари якунланган ҳисобланади. Харажатларни қайтариш учун тегишли ҳужжатлар Молия вазирлигига тақдим этилади ва вазирлик томонидан 10 кун муддатда қарор қабул қилинади.

Айтилишича, агентлик хорижий кинокомпанияларга харажатлар қисмини қайтаришни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади. Давлат бюджетидан маблағ ажратилган хорижий кинокомпаниялар рўйхати агентлик веб-сайтига жойлаштирилади.

Аввалроқ «Ўзбеккино» 2020 йил якунигача киносаноатни молиялаштириш учун 100 миллиард сўм ва 6 миллион доллар маблағ ажратилгани, Бухорода 2 та замонавий кинотеатр очилиши ҳақида хабар қилинганди.