«Дум қидириб, қулоқдан ажраш шартми?» Мутахассис кирилл алифбосидан лотинга ўтишнинг қийинчиликлари ҳақида гапирди

Филолог олим Равшан Жомоновнинг лотин алифбосига ўтишнинг аҳамияти борасидаги мақоласи эълон қилинган эди. Аммо ўзбек филологлари орасида ҳамма ҳам лотин алифбосини ёқламайди. Кимдир кирилл алифбосининг ижобий жиҳатларини эътироф этади. Яна кимдир ҳадеб алифбо алмаштиравериш зарарли, деб ҳисоблайди. Қуйида мана шундай мутахассислардан бири, таниқли филолог олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг фикрларини келтирамиз.

Ҳар бир ишни устаси қилгани маъқул. Сувоқчи ошпазликка ўтса, этикдўз трактор тузатса, натижаси қанақа бўлиши маълум. Шунинг учун бундай номаъқулчиликка йўл қўйилмайди. Аммо ажабки, яқин юз йилнинг нари-берисида бизда ундан чандон мураккаб бўлган тил масаласи, хусусан, миллий алифбо ва имло соҳасидаги ишларни тилшунослар эмас, сиёсат оламининг вакиллари ҳал этиб келади. Чунки ваколат шу намояндаларга берилган, тилчиларга эмас.

1929 йилдан араб ёзувини тарк этиб, лотин алифбосига, 1940 йилдан кириллчага, 1993 йилдан уни бекор қилиб, яна лотинчага ўтиш… Буларнинг бари ўзини мутахассис деб санаган бошқа касб-кор соҳиблари томонидан амалга оширилган. Оқибатда И.Крилов масалидаги «Тришканинг кафтани» каби бир натижага эришамиз — ҳамиша яна ишкали чиқади. Ҳар гал ўзбек алифбосини ўзгартириш илмий ёки ижтимоий эҳтиёж сабабли бўлмай, сиёсий масала қилиб ўртага қўйилади. Ҳолбуки, тил — сиёсатдан юқори нарса, у миллатнинг негизи, устқурма эмас.

Шахсан менинг ҳеч бир алифбога, ёзув тизимига қаршилигим ҳам, рағбатим ҳам йўқ. Улар — бир система, механизм, холос. Гап ундан қандай фойдаланишда, уларнинг қай бири ўзбек тили товушларини тўлиқ акс эттиришга қобиллигида. Миллий алифбонинг мукаммаллиги унинг технология жиҳатидан илғор бўлиб турган мамлакатлар алифбосига қай даражада мувофиқ келганига қараб эмас, балки шу миллатнинг нутқ товушларини қанчалик тўлиқ акс эттиришига кўра белгиланади. Чунки тилнинг жони оғзаки сўзлашув нутқидир.

Аммо гап бу алифболарнинг мукаммал тарзда қабул қилинганида ҳам эмас. Икки қайиққа тенг оёқ қўйган киши сувга ғарқ бўлади, дейдилар. 1989 йилнинг кузагида ўзбек тили давлат тили деб эълон қилиниши биланоқ тил билмас саркардалар иш бошладилар. Оқибатда бу ҳаракатлар ўзбек тилини давлат тили қилишга эмас, унинг амалда давлат тилига айланмаслигига олиб келди. Чунончи, ўзбекларнинг ўзига мутлақо эътибор қилинмай, ғайримиллат вакиллари учун «давлат тили курслари» очилди. Гўё улар ўзбекча гапиришни ўрганиб олса, ҳамма муаммо ҳал бўладигандай! Ҳолбуки, ўзбек тили амалда давлат тилига айланиши учун тоғ-тоғ ишлар қилиниши керак эди. Оқибатда махсус ажратилган маблағлар бояги курсларда ўқитишга сарф этилди ва… ўша йиллардаги миграция туфайли ғайриўзбекларнинг аксари дунёнинг ҳар бурчига тарқаб ҳам кетди. Нима, энди улар ўша ёқларда тилимиздан бехабарларга ўзбекчани ўргатишаётибди, дейсизми?

Бу тадбир йўққа чиққач, «лотин алифбосига ўтиш» масаласини ўртага солдилар. Эндиги алифбо тараққиётни тезлаштирар, юртимизни илғорлар қаторига олиб чиқиши нақд эмиш. Ҳолбуки, кундай равшан — лотин алифбосига ўтмай, ўз миллий ёзувларида иш юритиб келаётган қайсар японлар, ўжар хитойлар ва бошқа талай «консерватив» эллар иқтисодий ва ижтимоий ўзгалардан олдинроқда бўлса борки, ортда эмас.

Комиссиянинг якуний мажлиси руҳини англатиш учун интернетда берилган материалдаги «Икки хил ёндашув тарафдорларининг кураши узоқ давом этди. Ва бу кураш янгилик тарафдорларининг ғалабаси билан тугади. Ўтмишнинг соҳиблари келажак соҳибларига йўл бўшатиб бериши керак», «бу ғалаба якуний ва узил-кесил бўлади», каби демагогиядан иборат «ҳукм»лар, бизнингча, муаммони илмий ҳал этиш ўрнига болта билан чопиш қабилида битилгандай. Зеро, лотин алифбоси «янги», кирилл алифбоси «эски» нарса эмас, улардан бирини танлагани учун киши «эскиликни ёқловчи», бошқасини маъқуллаган одам эса «келажак соҳиби», «янгилик тарафдори» бўлиб қолмайди. Уёғини сўрасангиз, лотин алифбоси тарихан кирилл алифбосидан олдин дунёга келган, демак, анча «эски» нарса.

Она тилимизнинг тақдири, келажаги ҳақида менинг фикрим бундай: бу глобаллашаётган дунёда бир халқнинг тили сифатида яшаб қолиши, ўз мавқеини сақлаб, ривожланиши учун ўзбек тили амалда давлат тилига айланиши шарт. Бунга эришмас эканмиз, тилнинг инқирози ва ҳалокати жуда тезлашади. Ҳозирча эса биз ўзбеклар бу хатарга анчайин бир ғишава сифатида қараб келяпмиз, тузукроқ эътибор бермаяпмиз. Бу гапнинг далили сифатида бир фактни келтирай: 1989 йилда — собиқ Шўро давлати таркибидаги республикаларда давлат тили ҳақида қонун чиқарилган пайтда Қозоғистон аҳолисининг бор-йўғи 40 фоиз (6,5 миллион)ини қозоқлар ташкил этар, бу юртда қозоқ тилининг истиқболи таҳликали бўлиб қолган эди. Ўзбекистонда эса, статистика маълумотларига кўра, ўша пайтда аҳолининг 80 фоиз (14,2 миллион) қисми ўзбеклардан иборат бўлган. Бошқа жиҳатларни қўйиб турганимизда ҳам ўша аснода ўзбек тилининг давлат тили бўлиши учун имконият Қозоғистондагига қараганда икки баравар зиёд эди.

Хўш, ҳозирги манзара қандай? Ҳаммага маълум: қўшниларимиз қонун этагидан маҳкам тутишди, товар ёрлиғидан тортиб, кўча ёзувларига қадар қозоқ тилига ўтказишди. Ун қопларию дори-дармон иловаларига эътибор берган бўлсангиз керак: барчаси давлат тилида. Бизда-чи? Яқинда бир поликлиникага бориб, кўрдим: аввалроқ ўзбек тилида тайёрланган иш қоғозлари энди амалдаги давлат тилига — русчага қайта ўтказилибди. Ишлар шу тарзда давом этадиган бўлса, қайси тилнинг яшаб қолиши ақлга тайин нарса. Чунки ҳозир босма сўзнинг, оммавий ахборот воситалари қўллаётган сўзнинг мавқеи оғзаки сўз мавқеидан анча баланд.

Шунинг учун мен ҳам бош масала — минг йиллик ёзма анъаналарга эга, энг бой туркий тил бўлган ўзбек тилини чин давлат тилига айлантириш, дастлабки паллада юзага келадиган қийинчиликларга, ноқулайликларга ҳам қарамай, давлат ишларини ўзбекча юритиш, унинг мақомини қонундаги даражага кўтариш керак, дейман. Давлат идораларида қўлланмаётган ўзбек тилининг лотин ёзувидаги аллақайси ҳарфларни бошқалари билан алмаштиришга андармон бўлиш эса битта дарахтни кўриб, унинг ортида шовуллаб турган ўрмонни пайқамаган анойи одамнинг иши.

Башарти она тилим қоғозда эмас, амалда давлат тилига айланса, мен лотин ёзувида бўладими, кирилчадами, ҳинд ёзувида бўладими, ё хитой иероглифидами, қадимги оромий ёзувидами ёки ундан ҳам кўҳнароқ бўлган миххатдами — истаганингизда ўқиш-ёзишга ҳозирман.

Икки қайиққа тенг оёқ қўйган кишининг ҳоли вой, дедик. Ҳам она тилимизни давлат тили даражасида қўллаш, ҳам жорий алифбодан воз кечиб, тугал ишланмаган лотин алифбосига асосланган ёзувга ўтиш — шу икки улкан жараёнга баравар киришишни бошқача нима деб аташ мумкин? Камина учун она тилимизнинг давлат тили бўлиши — биринчи масала. Тил соҳасида бундан бошқа ҳаммаси — учинчи-тўртинчи, олтинчи даражали нарса.

Ва яна шуниси аниқки, айнан ана шу «лотин алифбосига ўтиш» жараёнининг касофати билан нақд чорак асрни — бутун бир авлод шаклланадиган даврни бой бердик: болаларимиз китобдан узоқлашди. Чунки «янги» алифбода китоб кам, кирилл алифбосида битилганларига эса «бегона», «эскилик сарқити» сифатида қараш шакллантирилди. Мана бунинг зиёнини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди. Ғанимларимиз муродларига етди.

Ҳар биримизда миллий орият туйғуси устувор бўлиши керак. Давлат ишининг ҳар бир поғонасида ўзбек тилида иш юритилмаслиги ўзбек тафаккури билан давлат юритиб бўлмайди, деган гап; буни эътироф этайлик.

Энди, анов масалага барибир қайтиб, шахсан ўзингизга қайси алифбо қулай ва маъқул, деган савол кўндаланг қўйиладиган бўлса, мени «эскилик тарафдори» бўлганлар қаторига қўша қолишсин — кирилл ёзувини ёқлаган бўлар эдим. Лоақал аввал она тилимизни давлат тили даражасига кўтариб олгунимизча бу масалани қўйиш афкори оммани чалғитиш бўлгани учун ҳам. Қолаверса, кирилл алифбосининг графемалари кўпроқ, демак, она тилимиз товушларини ифодалаш имкони хийла ортиқ. Бу ёзувда асл туркона «с» (сой), «ш» (шошқалоқ) товушлари инглизлар каби «ch» ва «sh» тарзида қўшалоқ қилиб эмас, бир ҳарф тарзида ифодаланади ёки аҳамиятсизроқ бир мақомга эга товуш каби «ç», «ş» қилиб, «дум» улаб ифодаланмайди. Бу ёзувда тилимизда йўқ «ц» товуши учун «с» графемасини қурбон қилиб, туб товушларимиздан бўлган «ч» (чойчақа) ўхшовсиз «ç» графемаси билан ифодаланмаслиги учун ҳам.

Биз ҳар юз йилликда алифбою имлосини янгилайверадиган, оқибатда, Абдулла Қодирий айтгандай, «икки ўртада дум қидириб, қулоқдан ҳам ажралишга мойил бир халқ» эмасмиз. Янги нарсанинг ҳаммаси илғору, эскитдан келаётганнинг бари қолоқ бўлавермайди. Аксинча, шундай деб фикрловчиларнинг ўзи қолоқ. Негаки уларнинг шуури аввалги шўровий мафкура даврида хос — нимаики янги нарса тиқиштирилса, маъқул топиб, ундан аввалги барчасини «эскилик сарқити» деб билишга ўрганиб қолган. Ана шу бемаъни тамойилдан қутулишимиз ҳам жуда зарур.

Алҳосил, бош масала — она тилимиз мақомини давлат тили даражасига етказиб олишдир. Оталар сўзига мувофиқ, бош омон бўлса, дўппи топилади.