«Спартак»даги ўзбек футболчиси мухлислар танқидидан сўнг Instagram’даги расмини ўчириб ташлади

Россиянинг «Спартак» жамоаси футболчиси, ўзбекистонлик 19 ёшли Остон Ўрунов ўзининг Instagram саҳифасига жойлаштирган расми учун обуначилари томонидан танқид қилинди. Бу ҳақда «Repost» хабар берди.

Фото: «yandex images»

Таъкидланишича, Москванинг «Спартак» жамоаси ярим ҳимоячиси бўлган ўзбекистонлик Остон Ўрунов Instagram’га «Gucci», «Louis Vuitton» ва бошқа компанияларнинг қимматбаҳо брендлари қуршовида тушган суратини жойлаштирган. Жамоа мухлислари янги харид қилинган футболчига сотиб олган қимматбаҳо кийимларни эмас, балки футболдаги муваффақиятларини намойиш этиш кераклигини айтган.

«Сен камтарроқ бўлишинг керак. Олдин гол уришни бошла. Ҳеч бўлмаганда ҳаммасини бошидан бошлаб олиш учун ўйна. Энди футбол майдонидаги барча совуққонликни намойиш эт», — деб ёзади унинг Instagram’даги мухлислари.

Қайд этилишича, Ўруновга мухлислар томонидан қилинган танқиддан сўнг у жамоадошлари маслаҳати билан Instagram’даги постини олиб ташлади. У мухлислардан бундай муносабатни кутмаганини айтган.

Фото: Instagram/oston_urunov

Маълумот ўрнида, у Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ярим ҳимоячиси ҳисобланади. У даставвал футболчилик фаолиятини «Навоий» ва «Пахтакор» ёшлар жамоаларида бошлаган. Кейинчалик Наманганнинг «Навбаҳор», Тошкентнинг «Локомотив» жамоаларида ўйнаган. Россиянинг «Уфа» клуби уни 2020 йилнинг февраль ойида харид қилган. Трансфер суммаси эса 200 минг еврога тенг. Шунингдек, у 2020 йилнинг 5 августида Москванинг «Спартак» клубига ўтган. Футболчининг трансфер суммаси 1,5 миллион еврони ташкил қилган.

Аввалроқ россиялик спорт шарҳловчиси «Спартак»даги ўзбек футболчисининг ўйин услубини танқид қилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар