Наманганда кучли шамол оқибатида бинолар томи қулаб тушди — видео

Наманган вилояти маркази ва шаҳар-туманларида 22 январь куни кузатилган кучли шамол оқибатида айрим биноларнинг томлари қулаб тушди. Бу ҳақда «Sevimli» телеканалинг «Zamon» ахборот дастурида хабар берилди.

Фото: Telegram / @mingbuloq

Жумладан, Мингбулоқ туманида ҳам тонгги соат 05:00 атрофида кучли шамол бошланган. Оқибатда тумандаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биносининг том қисми ҳамда «Тунги ёғду» мажмуаси ёнидаги кўп қаватли уйларнинг том қисмида шикастланиш юзага келган.

Мутасаддиларнинг айтишича, кучли шамол сабаб юзага келган фавқулодда ҳолатдан жабрланганлар бўлмаган. Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан тезкор штаб тузилган.

Фавқулодда вазиятлар взирлиги ходимлари фуқаролардан фарзандларини кўчага чиқармасликни сўраган.

Аввалроқ Жиззах шаҳар Зилол маҳалласи Мустақиллик кўчасида янгидан қурилаётган кўпқаватли уйлардан бири қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Бош прокуратура ушбу ҳолат оқибатида жабрланганлар ва вафот этганлар ҳақида маълумот берган.

Орадан вақт ўтиб, қулаб тушган бино ёнидаги иншоот ҳам хавфли ҳолатда тургани маълум бўлган. Шунингдек, мазкур ҳодиса бўйича қурилиш соҳаси мансабдорларига жиноий иш қўзғатилган.