Президент Халқ қабулхоналарига 2020 йилда қанча мурожаат келиб тушгани маълум бўлди

Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 2020 йилда 1 миллион 196 минг 370 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда қабулхона матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, ушбу мурожаатларнинг 58 фоизи (693,9 минг) ижобий ҳал қилиш ва ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ечимини топган. 373,6 мингдан зиёд мурожаат эгасига тушунтириш берилган, қолган мурожаатлар кўриб чиқиш жараёнида. Шунингдек, 2020 йилда аҳолидан қуйидаги йўналишларда энг кўп мурожаатлар келиб тушган:

  • моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар (2 ёшли, 14 ёшли болалар нафақаси) масаласи — 129 минг 472 та;
  • иш билан таъминлаш — 55 минг 203 та;
  • уй-жой таъминоти — 47 минг 307 та;
  • алимент ундириш — 44 минг 780;
  • карантин даврида моддий ёрдам, озиқ-овқат ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш — 44 минг 293;
  • электр энергияси таъминотидаги узилишлар — 37 минг 874;
  • иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш ва ундириш — 24 минг 80;
  • ер майдони ажратмаслик ёки олиб қўйиш — 20 минг 491;
  • маиший газ баллони билан таъминлаш — 18 минг 588;
  • аҳоли уй-жойларини таъмирлаш — 15 минг 722.

Таъкидланишича, 2020 йилда фуқаролик ишлари бўйича суд қарорларидан норозиликка оид мурожаатлар 20 фоизга, ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар 9 фоизга, уй-жой билан таъминлаш 3 фоизга, ер майдони ажратмаслик ёки олиб қўйишга доир масалалар билан мурожаат қилиш 2 фоизга камайган.

Фото: Президент халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Битта оммавий қабулда ўртача 300 га яқин масала кўриб чиқилгани, ўртача 201 масала ҳал қилинди.
2020 йилда ҳудудларда қатъий карантин қоидалари асосида мунтазам оммавий қабуллар ташкил қилингани пандемия давридаги муаммоларни биринчи бўғинда аниқлаш ва уларга ечим топишда ниҳоятда муҳим платформа бўлган.

«Битта оммавий қабулда ўртача 300 га яқин масала кўриб чиқилгани, ўртача 201 масала ҳал қилингани – шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида юзлаб километр чанг-лой кўчаларнинг тош-шағал йўлларга айлантирилиши, ўнлаб янги трансформаторлар ўрнатилиши, минг-минглаб суюлтирилган газ баллонлари, вагон-вагон кўмир етказиб берилиши, қанчадан қанча йигит-қизларнинг доимий ишли бўлиши, тадбиркорларга кредитлар, эҳтиёжманд инсонларга озиқ-овқат, дори-дармон, шифохоналарга йўлланмалар берилиши каби амалий ишлар мужассам. Ва буларнинг барчаси инсониятни довдиратган пандемия мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳам оёғидан олган оғир-мураккаб бир пайтда амалга оширилгани халқ билан мулоқот тизими ислоҳотларни ҳаётга татбиқ қилишнинг, халқ розилигини таъминлашда энг самарали механизм эканининг яна бир ҳаётий исботидир», дейилади хабарда.

Фото: Президент халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Фото: Президент халқ қабулхонаси матбуот хизмати

Президент Халқ қабулхоналари томонидан киритилган ахборот ва эшитилган ҳисоботлар натижасида мурожаатлар билан талаблар даражасида ишламаган 752 нафар масъул ходим жавобгарликка тортилган.
2020 йилда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар ижроси бўйича Халқ депутатлари кенгашлари мажлисларига Халқ қабулхоналари томонидан 743 та ахборот киритилган. Унга кўра 1 минг 759 нафар сектор ёки давлат идоралари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилган.

Бундан ташқари, Президент халқ қабулхоналари тақдимномаларга асосан 3 минг 108 нафар масъул ходим жавобгарликка тортилган.

Янгиликлар