Олий Мажлис депутати мактаб ошхоналари фаолиятига рухсат бермасликни таклиф қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмахаматова янги ўқув йилида мактабларда санитария-меъёр қоидаларига амал қилиш юзасидан фикр билдирди. Бу ҳақда «ProToday» хабар қилди.

Фото: «ProToday»

«Аввало, дарс ва машғулотларни иложи борича очиқ ҳавода ташкил қилиш, ўқув хоналарининг деразалари ҳаво ҳарорати илиқ кунларда доимий очиқ ҳолда бўлиши, ҳаво совуқ кунларда ҳар 15 дақиқада алмаштириб туриш мажбурийлиги, бошланғич ва юқори синф ўқувчилари учун ҳафтанинг бошқа-бошқа кунларида мактабларга келишини таъминлаш, яъни бошланғич синф ўқувчилари ҳафтанинг душанба, чоршанба, жума кунлари ўқитилиши, юқори синф ўқувчилари учун ҳафтанинг сешанба, пайшанба, шанба кунларида ўқув жараёнлари ташкил қилинишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ», — деб ёзади депутат.

Депутат, шунингдек, бир кунда 3 соатдан ортиқ бўлмаган (асосан, асосий фанлар ўрин олса) дарс жадвалларини ташкил қилиш зарурлиги, 4, 5 ва ундан ортиқ бўлган дарс соатлари ўқувчиларни озгина бўлса-да, жисмоний чарчатиб қўйиши мумкинлигини таъкидлаган.

Бунга қўшимча, танаффуслар вақтини 5 дақиқага кўпайтириш ва мактаб ошхоналари фаолиятига рухсат бермаслик лозимлигини таклиф қилган.

«Сабаби шуки, қанчалик қаттиқ талаб қўйилмасин, ҳозирги кунда уларнинг тўлиқ санитария-гигиена қоидаларига амал қилиб ишлашига ишончимиз комил эмас. Танаффусда ўқувчилар мактаб ошхонасида кўп тўпланиб қолиши эҳтимоли жуда юқори», — дейди депутат.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги мактаблар қачон очилиши маълум бўлгани ҳақидаги хабарни рад этган эди. Шунингдек, Пайариқда 100 ўринга мўлжалланган нодавлат боғча иш бошлагани ва Булунғурда ҳам нодавлат боғчалар қайта иш бошлагани ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар