Бухорода 400 га яқин пешлавҳа ва эълонларнинг талабга жавоб бермаслиги аниқланди

Бухорода пешлавҳа ва эълонларнинг 397 таси талабга жавоб бермаслиги аниқланди. Бу ҳақда вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати

Хабарга кўра, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Шаҳриёров, Бухоро шаҳар ҳокими Ўткир Жумаев, сектор раҳбарлари, вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ҳамда Маданий мерос бошқармаси мутасаддилари, туман ва шаҳар ҳокимларининг маслаҳатчилари, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирокида амалий учрашув бўлиб ўтган.

Фото: Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати

Мазкур амалий учрашувда ташқи реклама ишлаб чиқарувчи субъектлар, туризм соҳаси вакиллари ва ҳунармандлар иштирок этиб, ташқи тарғибот ёзувларини давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослаштириш муҳокама қилинган.

Фото: Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати

Шунингдек, шаҳар ҳудудида қонун талабларига жавоб бермайдиган пешлавҳалар, эълонлар ва бошқа кўргазмали ахборот матнлари сони 397 тани ташкил этиши, 270 та ташқи реклама конструкцияларининг 47 тасида матн тўлиқ хорижий тилда чоп этилгани аниқланган. Тамаки (чилим) ва алкоголь маҳсулотлари рекламаси акс этган 27 та ҳолат қайд этилган.

Фото: Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати

Реклама конструкцияларининг хорижий тилда ёзилганига сабаб қилиб чет эллик ташриф буюрувчиларга қулай бўлиши учун бундай йўл танлангани кўрсатилган.

Аввалроқ Жомбойда жойлардан ўзбек тилида бўлмаган пешлавҳа ва рекламалар олиб ташлангани, Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун ўзбек тилини билиш шарт этиб белгилангани ҳақида хабар берилганди.