Ўзбекистондан Кореяга авиақатновлар йўлга қўйилгани тўғрисидаги хабарларга изоҳ берилди

Ташқи меҳнат миграция агентлиги ижтимоий тармоқларда 2020 йил декабрь ва 2021 йил январь ойларида Тошкент—Инчеон авиарейслари орқали Корея Республикасига кириб бориш ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ берди.

Фото: «Uzairways.com»

Хабарда айтилишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ушбу маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматига сўров юборилган.

Сўровга жавобан, 2020 йил декабрь ва 2021 йил январь ойларида «Uzbekistan Airways» ва «Asiana Airlines» авиакомпаниялари томонидан режалаштирилаётган Тошкент—Инчеон авиарейслари билан фақат розилик битими ҳамда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси тавсия этган клиникаларнинг ПЗР тести манфий натижасига эга фуқаролар ушбу мамлакатга кириб бориши тўғрисида маълум қилинган.

Шунингдек, фуқаролар ўзини ўзи яккалаш жойи ва шароити тўғрисидаги тақдим қилган маълумотлар Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан ўрганилгандан сўнг ижобий деб топилгандагина фуқароларга Корея Республикасига кириш учун розилик битими берилади.

Аниқланишича, бугунги кунга қадар ишчи визасига эга фуқароларнинг транзит авиарейслар орқали мустақил равишда Корея Республикасига жўнаб кетиш учун уриниш ҳолатлари кузатилган. Натижада фуқаролар ўзларига иқтисодий зарар етказмоқда.

Бундан ташқари, миграция агентлиги ушбу хатти-ҳаракатлар мазкур давлатга кириб боришни янада кечиктириши ҳамда Корея Республикаси томонидан бошқа фуқароларнинг ҳам ушбу давлатга кириб боришида салбий оқибатларга олиб келиши тўғрисида огоҳлантирган.

Аввалроқ Тошкент—Дубай йўналиши бўйича авиақатновлар сони оширилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент—Бухоро—Тошкент йўналиши бўйича қўшимча aвиақатнов амалга оширилиши хабар қилинган.

Янгиликлар