Зарина Низомиддинова Москвада туғилган ўғлининг суратини эълон қилди

Актриса Зарина Низомиддинова фарзандининг отаси ва Москвадаги ҳаёти ҳақида гапиргани айтилган эди. Aктриса 22 декабрь куни ўзининг Instagram саҳифасида ўғлининг фотосуратини эълон қилди.

Маълумот учун, Зарина Низомиддинова 22 март куни Москва шаҳрида иккинчи фарзандини дунёга келтирган. Бироқ у ўзининг Instagram саҳифасида 1 июнь куни пост қолдириб бу ҳақда маълум қилган ва қуйидагича изоҳ қолдирган:

«Aссалому алайкум, саҳифамнинг мен учун қадрли бўлган аъзолари! Кеча ўзим тўғримда, Россия кинематографини забт этиш учун севимли ватаним — Ўзбекистонни тарк этди, деган хабар эшитдим. Aлбатта, касбимиздаги янги марралар ва ютуқларни ният қиламиз, яхши ният — ярим мол, лекин айни вақтда мен бундан-да, муҳимроқ лойиҳа устида ишлаяпман.

Мен иккинчи бор она бўлдим ва ушбу касбни яна бошидан ўзлаштиряпман. Яқин кунларда бор истеъдодим ва маҳоратимни кичкинтой паҳлавонимни парвариши учун бағишлайман. Aхир, энг масъулиятли ва мураккаб касб — оналик касби, деб бекорга айтишмаган! Оллоҳ барча оналарни ўз паноҳида асрасин».

Шундан сўнг актриса 23 июнь куни Instagram’да янги туғилган чақалоғи Саидумарнинг шахсий саҳифасини очиб, илк фотосини жойлаган.

Мазкур саҳифада Зарина Низомиддинова ўғлининг фотоларини жойлай бошлаган, лекин ҳеч бир фотода унинг юзини кўрсатмаган эди. Мухлислари эса доим ундан ўғлининг юзини кўрстишни илтимос қилиб, фотолар остига изоҳ қолдирган. Aктриса 1 декабрь куни ўзининг Instagram саҳифасига қўйган постида ўғли Саидумарнинг юзини қачон кўрсатишини маълум қилган эди.

Aктриса 22 декабрь куни Саидумарнинг юзини кўрсатди ва у билан тушган фотони ўзининг ҳам, ўғлининг ҳам саҳифасига жойлади. Зарина Низомиддинова ўғли 9 ойга тўлгани сабабли юзини кўрсатишга қарор қилганини таъкидлаб ўтган. Лекин актриса боланинг отаси ҳақида маълумот бермаган.

Шоу-бизнес