Тошкентда университет талабасида коронавирус қайд этилди

Тиббий ташхис натижаларига кўра, 22 январь куни Тошкент давлат педагогика университети Рус тили ва адабиёти факультети талабасида CОVID-19 инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда университет ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, ушбу талаба билан алоқа қилганлар ва факультет ҳудудидаги бошқа барча талабаларга 14 кун давомида ўз-ўзини изоляция қилиш режимини ўтказиш тавсияси берилган. Ўқув биносининг 4-қаватидан фойдаланаётган Рус тили ва адабиёти факультети ҳамда Хорижий тиллар факультетида ҳам ушбу назорат чоралари жорий қилинган. Бунда оффлайн тартибда таълимга қайтган Рус тили ва адабиёти, Хорижий тиллар факультетларининг барча 1-курс талабалари эндиликда 14 кун давомида таълимни масофавий тартибда олишлари белгиланган.

Маълумотларга кўра, 24 январдан бошлаб, ушбу иккала факультетнинг 2-3-4-курс талабалари қишки сессия якуний имтиҳонларини онлайн тартибда топширади. 1-курс талабалари эса, 8 февраль кунидан имтиҳон топшириш учун оффлайн таълимга қайтади.

Рус тили ва адабиёти, Хорижий тиллар факультети бинолари, кириш-чиқиш жойлари ва ҳудудлари тўлиқ изолацияга олинган бўлиб, у ерда 1 ҳафта мобайнида тиббий-санитария тозалаш ишлари амалга оширилади. Ушбу факультетларнинг ҳудуди тўла ёпилган ва назоратга олинган.

Қолган барча факультетлар талабалари тўлиқ тартибда оффлайн таълим дарсларини ва оффлайн тарздаги имтиҳон топшириш жараёнлари давом эттирадилар. Бунинг учун барча биноларнинг кириш ва чиқиш жойлари ҳар бир факультет ва курслар учун алоҳида маршрутлар асосида белгиланган йўлаклар орқали амалга оширилишига риоя қилинади.

«Университетнинг барча кириш-чиқиш жойлари, бино ва ҳудудлари тана ҳароратини ўлчовчи махсус технологик тиббий асбоблар ва санитария воситалари билан тўлиқ жиҳозланган. Университетда махсус тиббиёт ходимлари ва шифокорлар гуруҳи мунтазам фаолият кўрсатмоқда. Ўқув биноларида ва талабалар турар жойларида фавқулодда ҳолатлар учун изоляторлар ташкил этилган ва етарлича керакли дори-дармонлар сотиб олинган. Вазият тўлиқ назоратга олинган, хавотирланишга ҳожат йўқ», дейилади хабарда.

Аввалроқ АҚШда коронавируснинг бутунлай янги тури — CAL20C аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, CОVID-19’нинг «британча» штамми билан касалланган болаларда кузатилаётган бешта аломат маълум бўлган.

Янгиликлар